"Ijod sehri" танловининг натижалари

  • Нодира Назар   456 та овоз
  • Хуршид Абдурашид   446 та овоз
  • Саломов Мақсудхон Сохибхон ўғли   158 та овоз
  • Равшанова Маҳлиё Шокир қизи   114 та овоз
  • Маҳмудова Бахтинисо Эшқувватовна   108 та овоз
  • Бекмуродова Лайло Собир қизи   103 та овоз
  • Адизова Умида Турсуновна   98 та овоз
  • Дилмурод Дўст   73 та овоз
  • Бекзод ИБРОҲИМ   68 та овоз
  • Миролим ИСАЖОНОВ   54 та овоз
  • Алия ТЕМУРИЙЗОДА   52 та овоз
  • Баҳодир БАҲРОМ   49 та овоз
  • Шерзод Маҳмудов Эркинжон ўғли   45 та овоз
  • Нодирабегим Иброҳимова   35 та овоз
  • Мехрибон   34 та овоз
  • Жонузоқова Чаман Муродилла қизи   33 та овоз
  • Комила Носирова   32 та овоз
  • Али Ал Меҳр (Иргашев Алишер Турсунбаевич)   30 та овоз
  • Хайруллаев Азамат Холиқович   28 та овоз
  • Зиёдуллаев Ферузбек Илҳом ўғли   28 та овоз
  • Аслонов Комилжон Тошпулатович   24 та овоз
  • Йўлдошев Отабек Ғуломович   21 та овоз
  • Тошев Отабек Элмурод ўғли   19 та овоз
  • Ортиқхўжаева Гулбаҳор Қодирхўжаевна   16 та овоз
  • НАСРУЛЛО (Эргаш Раҳматилла ўғли)   14 та овоз
  • Нуриддин Зиё   12 та овоз
  • Сметуллаева Барно Муртазаевна   9 та овоз
  • Исломжон ҚЎЧҚОРОВ   7 та овоз
Комила Носирова

Комила Носирова

Ёғаётган ёмғир

Ёғаётган ёмғир,
Менга қулоқ сол,
Юрагим чарчади – дардларимни ол.
Бу вужуд ўзимга келмоқда малол,
Мен жуда чарчадим – дардларимни ол.

Теграмни ўради ҳасрат девори,
Кўкларга етмади қалбимнинг зори.
Ҳар лаҳза кўксимга ботмоқда армон,
Бемажол қолдирди дунё озори.

Мен бундай умидсиз, тушкун эмасдим,
Ҳасратга бутунлай тутқун эмасдим.
Орзулар қилардим, дуо қилардим,
Ўзимни бечора, дилхун демасдим.

Лек тақдир зарбаси ёмон бўларкан,
Кўнглингга бир онда армон тўларкан.
Орзулар қасрини бунёд этсанг ҳам,
Ҳаммаси ногаҳон вайрон бўларкан.

Ёғаётган ёмғир, менга қулоқ сол,
Юрагим чарчади, таним бемажол.
Ҳасратлар қалбимни поралар этди,
Илтимос, сен энди дардларимни ол.

Ушбу ижодий ишга 32 та овоз берилди

Йўлдошев Отабек Ғуломович

Йўлдошев Отабек
Ғуломович

МУҲИМ ИШ

(ҲАЖВИЯ)

Эрталаб мактабга келсам директоримиз Қўзивой ака коридорда у ёқдан — бу ёққа бўзчининг мокисидек сабрсизланиб қатнаб турган экан. Мени кўриб бирдан юзи ёришди:
– Вақтида келдинг-да. Эртоевни туман марказига муҳим иш билан юборгандим. Унинг дарсини бугун сен ўтказиб тур, ука!
– Ахир алгебрага тишим ўтмайдику, – дедим иккиланиб.
Шаҳарда қайноқ талабалик давримга нуқта қўйиб, қишлоғимиздаги мактабга кимё ўқитувчиси бўлиб келганимга эндигина бир ой тўлди. Янгиман. Шундай экан ортиқча нозлансам одобдан бўлмас… Камига Қўзивой ака елкамга қоқиб:
– Ҳали ёшсан, мени айтганимни қилсанг, карьерангда асп юриш қилган бўласан! –деб қўйди.
Қўзивой аканинг жону дили шахмат эди. Буни ишга келган кунимоқ ҳамкасбларимдан эшитгандим. У ҳар гапида шахматга хос ибораларни қўшиб гапиришни хуш кўрарди. Ёши кексароқ ўқитувчиларнинг айтишларича, ҳатто шу шахматни деб Қўзивой акани директорликдан бўшатишларига бир баҳя қолган экан. Қайсидир йили туман халқ таълими бўлимидан текширувчилар келадиган бўлибди. Бундан хабардор бўлса-да, Қўзивой ака тушмагур қоровул чол билан мактаб боғида кўк чойни хўриллатганча парвойи фалак шахмат ўйнаб ўтираверибди. Текширувчилар директорни боғгача излаб келишиб… Яхшиямки, Қўзивой аканинг бахтига текширувчиларнинг каттаси ҳам шахмат «жинниси” чиқиб қолибди.   Давоми…

Ушбу ижодий ишга 21 та овоз берилди

IJOD SEHRI

Қўчқоров Исломжон Нурали ўғли

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

Айрилиш

— Билсангиз, ҳайдалиш куйини чалингиз, ажралиш куйини чалингиз!  Ўткан кунлардан

Биз кетиб борамиз икки уловда,
Автобус оҳ тортар фироғимиздан.
Юзда табассум, лек юрак оловда,
Куйиб борар яқин-йироғимиздан.

Нигоҳинг муҳрлаб олиб дилимга
Олис Шош томонга суриб кетдим от.
Сездим: кўзларингни тикиб йўлимга
Ишқингни яна бир айладинг исбот.

Йўллар узун экан, манзилим олис,
Сен ҳақда ўйларим тонгни уйғотди.
Қалбингда асраган сирингни ёлғиз
Ёлғонни суймаган кўзларинг сотди.

Минг бор хайрлашдик, хайрлашгунча,
Ёнингдан бир қадам жилгим келмади.
Энди ҳижрон гули очгайдир ғунча,
Оддий ҳақиқатни билгим келмади.

Ушбу ижодий ишга 7 та овоз берилди

НАСРУЛЛО (Эргаш Раҳматилла ўғли)

НАСРУЛЛО
(Эргаш Раҳматилла ўғли)

******

Мен жуда чарчадим, чанқадим ғоят:
бир жом оғусираб, бир жом майсираб.
Кўзимдан оқ шароб суздим ниҳоят,
тонггача сипқордим, бахтингни тилаб.

Лабларим чанқади – лабинг гуноҳи;
висолга тўймадим, ҳижронга тўйдим.
Шодлик пиёласин синдирди соқий,
сабрим косасига исмингни қуйдим.

Исминг ҳарфлари балиқ мисоли
хотирам қаъридан чиқдилар сузиб.
Сен – мени соғиниб тўлган ҳилолим,
абадий баҳорим, ёзим ва кузим.

Яна кўзларимга тўлди милён куз.
Мен уни шаробдай сипқориб ичдим.
Йўлимга интизор бўлди қанча қиз,
ишон, мен баридан сен учун кечдим.

Давоми…

Ушбу ижодий ишга 14 та овоз берилди

IJOD SEHRI

Бекмуродова Лайло Собир қизи

Бекмуродова Лайло
Собир қизи

Муҳаббатдир!

Нигоҳида «юртим!» дея ёнган шарор,
Таъкидлаган «халқим учун бўлай нисор!»
Чегарада қад кўтариб мардонавор,
Алп аскарнинг тик туриши муҳаббатдир!

«Сабийгинам афғон ютмай ўссин!» дея,
«Айтган аллам ғам ғуссасин тўссин!» дея,
Онаизор «Болам бахтли бўлсин!» дея,
Бешик қучиб ўтириши муҳаббатдир!

Биз йиғласак қалби гирён, чеккан алам,
Жаннат ичра қўним топган падаргинам,
Соғинчларим бўлиб кетса олам-олам,
Тушларимга жим кириши муҳаббатдир!

Гулъузорин гуфторасин кутиб интиқ,
Юрагини бир малакка этиб тортиқ,
Мард бир ўғлон севиб қолиб, бўлиб ошиқ,
Дилдорига дил ёриши муҳаббатдир!

Давоми…

Ушбу ижодий ишга 103 та овоз берилди

Равшанова Маҳлиё Шокир кизи

Равшанова Маҳлиё
Шокир қизи

Ўзбек бу

Бугун тинчлик сўзин баралла куйлар,
Ҳурлик ҳакида у юракдан сўйлар.
Ҳатто тушида ҳам элини ўйлар,
Тили “Ватан” дея чиққан ўзбек бу.

Тонг саҳардан қўлга кетмонин олган,
Ободлик шиорин дилига солган.
Деҳқонидан доим боғ-роғлар қолган,
Елкаси меҳнатда қотган ўзбек бу.

Устидан ўзгалар ноҳақ кулса ҳам,
Очликда ногаҳон сабри тўлса хам,
Озодликка етди қийин бўлса хам,
Борига қаноат қилган ўзбек бу.

Қўшниси тўйлар-у қилса томоша,
Қутлади ҳаттоки деворлар оша,
Елиб-югуради севинчи тоша,
Меҳр-оқибатни билган ўзбек бу.

Давоми…

Ушбу ижодий ишга 114 та овоз берилди

IJOD SEHRI

Адизова Умида Турсуновна

Нодира Назар

******

Соғинчинг бағримга ботар – билмассан,
Дунё саволлари сенингдек ҳорғин.
Чорласам ўзинг-ку..
келмассан…
Яхшиси, орзулар юртига боргин.

У ерда энг дилгир лаҳзалар бисёр,
Бахтиёр умрнинг йўқдир охири.
У ерда биз томон келолмас озор..
У ерда Зуҳронинг Тохири.

У ерда энг дилгир лаҳзалар бисёр,
Барига қўл силта, дилгир бўл, эркам,
Муҳаббат расмингга бермоқда чирой.
Сени эсламоқдан яралса эртам,
Сени унутмоққа рухсат бермас Ой.

Давоми…

Ушбу ижодий ишга 456 та овоз берилди

Мирoлим ИСАЖОНОВ

Миролим ИСАЖОНОВ

Қoр қўшиғи

Кипригимгa қўнгaн зaҳoти,

Титрaб кетaр вужудим бирдaн.

Ёғaвер қoр рaқсгa тушиб,

Oқ пoкликкa буркaнсин Вaтaн.

Бу кун oсмoн- мусaввирa қиз,
Сaчрaб кетaр бoрлиққa рaнглaр.

Ер шaрини ҳaйрaтгa сoлиб,

Тaрaлaди oппoқ oҳaнглaр.

Биллур кaби тoвлaнaр зaмин,
Oстoнaмдa увиллaр бўрoн.

Юрaгимнинг пешoнaсигa,

БAХТ сурaтин чизиб бер oсмoн.

Ушбу ижодий ишга 54 та овоз берилди

IJOD SEHRI

Дилмурод Дўст (Дўстбеков Дилмурод Абдуллаевич)

Дилмурод Дўст

ҲАЁТ ҲАҚИДА ЎЙЛАР

Туғилиш ўлимга қўйилган биринчи қадам. (И.В.ГЁТЕ)

Туғилдинг, бу ҳаёт остонасида,
Сени қарши олди, бир ёғоч бешик.
Улғайиб, яшаб сўнг кўзинг юмганда,
Қабрингга кузатди, тебранмас бешик.
Бу ҳаёт – шу икки бешик ораси…

Туғилдинг, ўрашиб оппоқ йўргакка,
Эркалаб, эъзозлаб, севиб-суюшди.
Руҳ охир танангни тарк этган куни,
Яна оқ йўргакка ўраб қўйишди.
Бу ҳаёт – шу икки йўргак ораси…

Кўз очиб, ҳаётни кўрганинг заҳот,
Одамлар йиғингга жим қулоқ осди.
Бандаликни бажо келтирган кунинг,
Дунёни ўзгалар кўз ёши босди.
Бу ҳаёт – шу икки йиғи ораси…

Шу қисқа ҳаётда энг муҳим юмуш,
Яхши ном қолдириб, яшамоқ экан.
Англадим, туғилиш, аслида дўстим,
Ўлимга илк қадам ташламоқ экан.
Ҳаёт – туғилиш ва ўлим ораси…   Давоми…

Ушбу ижодий ишга 73 та овоз берилди

Адизова Умида Турсуновна

Адизова Умида
Турсуновна

ЎЗБЕКЧА МУҲАББАТ

— Хўш, йигит ёқдими?
— Билмасам… Ёқиши керакмиди?
Ҳазилим қўпол чиқдими ё онамга киноядай эшитилдими, қошлари чимирилди:
— Ёшинг йигирма бешга қараб боряпти, буни биласан-а?!
— Ҳа. Шу йил эрга тегмасам, кейинги йил “ўтириб қолган” бўламан…
— Асабимга тегма! – Онамнинг овози баландлади. – Шу йилдан қолдирмай сени узатишим керак! Қадимгилар “Йигитнинг келинчаги, аёлнинг беланчаги бўлсин!” дейишган. Тенг-тўшларингнинг олди боласи мактабга чиқди бу йил. Ҳуснда, ақл-фаросат, рўзғорбопликда ўша тенгдошларинг сенинг олдингга тушиб бўпти!..
— Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига, аяжон…
— Ақл ўргатма! Мен эпсиз пахмоқ қизини мақтаб-мақтаб эрга берадиган она эмасман. Шу ҳусн, шу заковатинг билан ёши ўтган қиз деган ном кўтаришингни истамайман. Сен шу йилдан қолмай узатилишинг, Худо хоҳласа, бир этак болали бўлиб, набираларимни ақлли, илмли қилиб тарбиялашинг керак. Аёлнинг бош вазифаси — оналик. Иш, карьера кейинги ўринларда. Аёлнинг бешиги билан ўчоғи бутун бўлсин! Қолгани йўлига тушадиган нарсалар. Оиласи йўқнинг обрўйи бўлмайди, никоҳи йўқнинг баракаси! Менга ақл ўргатишни йиғиштир-да, тараддудингни кўравер. Совчиларнинг кейинги келишида розилик берамиз.
— Дадам-чи?
— Даданг ҳам сенинг даданг-да! – Онам жаҳл оҳангида гапирган бўлсалар-да, кулгим қистаб пиқиллаб юбордим.   Давоми…

Ушбу ижодий ишга 98 та овоз берилди

IJOD SEHRI

Бекзод ИБРОҲИМ (Ибрагимов Бекзод Жовлиевич)

Бекзод ИБРОҲИМ

Ғам одамни енголмайди…

Ғам одамни ўлдирганда,
Турсун момо қандай қилиб,
Тўрт фарзанди жанг қилганда,
Бир йил ўтмай бағрин тилиб,
Учтасидан «хат» келганда,
Кенжасини қирқ йил кутиб,
Саксон беш йил жим яшарди?

Ғам одамни ўлдирганда,
Қодир чўпон қандай қилиб,
Ўнг қўлини ўқ юлганда,
Жон дўстлари кўз ўнгида
«Ватан», дея жон берганда,
Кўз юммасдан тирик қолиб,
Тўқсон билан тўқнашарди?    Давоми…

Ушбу ижодий ишга 68 та овоз берилди

Хайруллаев Азамат Холиқович

Хайруллаев Азамат
Холиқович

БАРДОШ

Ҳикоя

Бақирсаммикан? Бақирса, дарахтларда сийрак қолган баргларни юлқиб кетаётган куз шамоли овозини қишлоқ бўйлаб ёйиб юборади.

Овозини эшитган қишлоқ аҳли бири ишини қўйиб, бири чопонига ўраниб кўчага чиқади.

Нима бўлди?
Ким бақирди?
Биров ўлдими?
Сўнг катта-кичик овоз чиққан жойга тўпланади. Кексароғи сўрайди:
─ Тичликми?

Бақирмади. Тишини-тишига, қўлларини бошига қўйиб, деворга ёпишгудай бўлиб, оғриққа дош берди.     Давоми…

Ушбу ижодий ишга 28 та овоз берилди

IJOD SEHRI

Хуршид Абдурашид

Хуршид Абдурашид

Филологча севги изҳори

Кел, тилчи қиз, гўзал филолог,
Ундов бўлсин муҳаббатимиз.
Бу изҳорлар тугамас — вергул,
Бошлай қолсин қўшма гапимиз.

Эга-кесим эскирган таъриф,
Мен ҳоким сўз, сен тобе бўлак.
Ундалмангни йўлла ўзимга,
Сўроқларга тўлмасин юрак.

Муҳаббат — бу бизнинг феълимиз,
Бўлсин мудом бўлишли, содда.
Ҳаётимга кириш сўз бўлгин,
Иборадек қол доим ёдда.

Ҳисларимиз эмас антоним,
Ҳаётимга сифатсан ахир.
Мен севгимни атов гап қилдим,
Кел, биргалик нисбатга чақир.

Давоми…

Ушбу ижодий ишга 446 та овоз берилди

Шерзод Маҳмудов Эркинжон ўғли

Шерзод Маҳмудов
Эркинжон ўғли

ОТАЖОН, МЕН КЕЛДИМ!

Ота шифтга қараганча ётарди. Устига ёпилган тоза, оппоқ чойшабдан меҳнатда пишиб қотган икки қўли чиқиб турарди. Атрофида ундан беш-олти ёш кичикроқ думалоқ юзли, чеҳрасидан нур балқиб турган, қош-кўзлари қоп-қора, қора сочларига оқ оралаган, чиройли кўзлари тинимсиз йиғлайверганидан қизариб, шишиб кетган аёл унсиз йиғлашда давом этарди. Хонада ўттиз ёшлардаги яна бир чиройли жувон ҳам рўмоли билан кўз ёшларини артарди.

Ҳиёл фурсат ўтмасдан ота кўзини очди. Қуруқшураган лаблари пичирлади.

– Бек!.. Отабек!…

Аёл туйқус бошини кўтарди. Келин сергакланди.

– Нима дедингиз? “Отабек”ми?

Ота жавоб ўрнида бошини аста қимирлатди.

– Чақирайми? – деди аёл эрининг сўзларидан хулоса чиқариб.

Ота ютинди. Ажин босган, меҳнатда қорайган юзлари, ўғлининг номини айтганида порлади. Ҳа, у ўғли билан фахрланарди. Якка-ю ягона нуридийдаси. Кўзининг оқу-қораси.   Давоми…

Ушбу ижодий ишга 45 та овоз берилди

IJOD SEHRI

Саломов Мақсудхон Сохибхон ўғли

Саломов Мақсудхон
Сохибхон ўғли

Кайфият

Келдим, остонангда мен яна ҳозир,
Чиқасан қувончдан қизариб юзинг.
Югур, кел, энтикиб бўйнимга осил,
Фақат кўзларимга тушмасин кўзинг.

«Киринг,»– тортқилайсан қўлимдан майин,
Ишвалар қиласан: «Соғиндим-ку, жоон».
Эркалан, ноз айла, меҳримга тўйин!
Фақат кўзларимга қарама, жонон.

«Ўлтиринг,» – имлайсан. Бошла иккимиз
Ёлғиз мавжуд бўлган дунёйимизга.
Суҳбатлар қурайлик сўзсиз, сукутсиз,
Фақат нигоҳларинг қадама кўзга.

«Бунчалар xомушсиз, дардингиз олай, –
Оҳиста елкамдан қучасан, – Ҳожам».
Бағрингга бос мени, йиғлаб юборай…
Фақат кўзларимга боқмагин, санам.
Давоми…

Ушбу ижодий ишга 158 та овоз берилди

Мехрибон(Мархабо Шодманова Зиядуллаевна )

Мехрибон

******

Ҳанузгача хотирамда туриб қолган
Хаёлимнинг ниҳоясиз афсонаси. . .
Юрагимга жуда чуқур кириб олган –
Эртагимнинг яшил кўзли шаҳзодаси.

Хаёлимдан ҳаётимга келмайди ҳеч,
Рўёби йўқ орзуларим нур шодаси.
Фақатгина тушларимда меҳмон ҳар кеч,
Эртагимнинг яшил кўзли шаҳзодаси.

Шундай туйғу, бошқасига ўхшамаган,
Ҳисларимнинг гард қўнмаган, озодаси.
Тушимда ҳам қўлларимни ушламаган,
Эртагимнинг яшил кўзли шаҳзодаси.

Меҳрибони ҳижронида ёниб юрар,
Ёнида ёр – гўзалларнинг хонзодаси.
Самолардан қалбга илҳом бериб турар,
Эртагимнинг яшил кўзли шаҳзодаси.
Давоми…

Ушбу ижодий ишга 34 та овоз берилди

IJOD SEHRI

Баҳодир БАҲРОМ Ҳалимов Баҳодир Баҳронович

Баҳодир БАҲРОМ

ХАЙРЛАШУВ

Чалинмоқда сергак қўнғироқ,
Соат етти. Айриламиз, юр.
Мен гулимни бераман, бироқ
Вокзал айтмас ҳатто ташаккур.

Қучоқлашиб тўймас нигоҳлар,
Саботини синар муҳаббат.
Кеча эсдан оғган дудоқлар,
Хайр дейди қимтиниб фақат.

Тугилмоқда мушт бўлиб қўлим,
Бунча ғамгин ниҳоянг, висол.
Айрилиқдан афзалдир ўлим,
Васл, сендан яхшидир хаёл.

Юрагимдай чайқалсин вокзал,
Исён қилсин, поезд юрмасин.
Шунда мен ҳам йиғлаб олай сал,
Худойимдан ўзга кўрмасин.

Давоми…

Ушбу ижодий ишга 49 та овоз берилди

Жонузоқова Чаман Муродилла қизи

Жонузоқова Чаман
Муродилла қизи

Youth

Oh, young, free beauty,
Look at yourself in the mirror.
Do you know how your face
Has such a scarlet colour?

Oh, young, mature hercules,
Look at your strong palm.
How you are so zealous
Think about it keeping calm.

What makes faces charming,
What helps you not to lose,
Energy in your hand
Obviously that is youth!

We can fly with this wing, 
Why should we wait for the time!?
Make your soul awake
Losing youthtime is a crime!

Ушбу ижодий ишга 33 та овоз берилди

IJOD SEHRI

Али Ал Меҳр Алишер Иргашев Турсунбаевич

Али Ал Меҳр

(Иргашев Алишер Турсунбаевич)

Она қизим, соғинчим!

– Она қизим, момо қизим, йиғламасдан
Қани айтинг: “Оқ йўл дада!” – айтинг, қизим.
Сизга катта бир қўғирчоқ олиб келай,
Эргашмасдан остонадан қайтинг, қизим!

Кўз ёшингиз артиб олай рўмолчамга,
Исингизни ҳидлаб олай, кулинг, қизим.
Мунчоққинам, юрагимда туморимсиз,
Мен қайтгунча ўйнаб кулиб юринг, қизим!

– Онажони, меҳрибони, қараб туринг,
Сочларини оғритмасдан таранг қизим.
Биргалашиб дарс қилинглар, ўйнанг ўйин,
Қаранг, қандай кулгулари жаранг қизим!

Осмон узоқ, ер қаттиқлик қилар энди.
Олислардан топган ишим кимга керак?!
Сабр дейман, аммо гапга кўнмас соғинч,
Қизим билан уйда қолган ҳатто юрак.
Давоми…

Ушбу ижодий ишга 30 та овоз берилди

Бахтинисо Маҳмудова Эшқувватовна

Маҳмудова
Бахтинисо Эшқувватовна

Мен билансан!

Мен билансан,
Кунларимда оҳор бордир,
Оҳанг бордир,
Кузларимда баҳор бордир.

Кўзларимда мурувват бор ва зор бордир,
Мен билансан!

Муҳаббат бор, музларимга олов бергай,
Олам бергай,
Сўзларимга оро бергай.
Бир йиғласам, юпатгувчи биров бергай,

Мен билансан!

Осмонларда фақатгина қушлар қолмиш,
Гоҳ заминий, гоҳ самовий кучлар қолмиш.
Юлдуз санаб… тушларимда тушлар қолмиш…
Мен билансан!

Давоми…

Ушбу ижодий ишга 108 та овоз берилди

IJOD SEHRI

Аслонов Комилжон Тошпулатович

Аслонов Комилжон
Тошпулатович

Қатралар

ҚУВОНЧ ВА ЎКИНЧ ЁШЛАРИ

Кўзларига ёш келди унинг.
Суюниб кетди у…

Унинг янги чиққан китобини кўча четидаги икки бола талашиб тортишарди.
– Буни биринчи мен топдим.
– Йўқ аввал мен кўрдим бу китобни. Меники бу китоб.
Улардан новчароғи китобни тортиб олди. Ноилож қолди заифроғи.
– Ростдан ҳам шу китоб керакми сенга ҳам? Мана олақол. Муаллиф сумкасидан ўзининг худди шундай китобини чиқариб иккинчи болага узатди.
– Раҳмат амаки, сиз қаердан олгансиз бу китобни?
– Мен ҳам шу китобни яхши кўраманда, ҳазил қилди у. Бу китобни ростан яхши кўрасанми?
– Мен бозорда писта сотаман, қоғозга ўраб бераманку ахир. Бу эса мева сотади. Яшикларини остига тўшамоқчи бўлиб қоғоз излаб юрганди.
Томоғига аччиқ бир нарса тиқилди.
Кўзларига ёш келди унинг.

Ўксиниб кетди у…    Давоми…

Ушбу ижодий ишга 24 та овоз берилди

Нодирабегим Иброҳимова (Нодира Ибрагимова Шуҳратжоновна)

Нодирабегим Иброҳимова

ЁМҒИР ОСТИДА

Дарсдан шошиб чиқдим. “Ана холос”, – деб юбордим ёмғир аёвcиз қуяётганини кўриб. Аксига олиб, бугун бир кўргазма ташкилотчилари билан суҳбат уюштиришим керак эди.
Шундай ёмғирда бориш шартмикан-а? Бугун бормай қўяверсам-чи?
Йўқ, эртанги дарсга бирор нима тайёр бўлиши керак! Мени фикримдан қайтармоқчи бўлгандай ёмғир ҳам савалаб қуярди. Соябонимни очдим-у, бекатга югурдим. Автобус кеп қолар… Ногоҳ бекат ортида турган, ёмғирда ивиб кетган бир йигитга кўзим тушди. Соябони ҳам йўқ экан, панага ўтса бўлмасмикин? Анчадан бери турибдиёв, қалин, қоп-қора сочлари сувга яхшигина бўккан. Нигоҳи эса бир нуқтадан узилмайди – баланд оппоқ девор…
Деворда бирор нима борми, деб роса тикилдим – бегард. Йигит охири зерикдими ёки чарчадими, бекат ўриндиғига – ёнимга чўкди. Шу пайт кўргазма томон борувчи автобус ҳам келди. Чиқишим керак… Ўрнимдан турдим. Йигит хўрсинди… Тўхтадим. Автобус кетди. Мен жойимга қайтиб ўтирдим. Шу дамда мени кўргазмадан ҳам нотаниш йўловчи кўпроқ қизиқтирар эди. Балки у ҳам бир дардкашга муҳтождир…
– Тинчликми, ака?

Давоми…

Ушбу ижодий ишга 35 та овоз берилди

IJOD SEHRI

Отабек Тошев Элмурод ўғли

Тошев
Отабек Элмурод ўғли

Нозли қиз

Қаламим оламан қўлимга,
Қоғозга исмингни ёзаман.
Яқинсан ўзгинанг дилимга,
Деворга расмингни осаман.

Қарайман ўтсам ҳам, қайтсам ҳам,
Бу кўзлар сендан ҳеч тўймайди.
Олдингга бормайман, – дейману,
Бу савил юрагим қўймайди.

Тонггача деразанг олдида
Кутсам ҳам, бир қиё боқмадинг.
Қўшнилар эшигин очдилар,
Лек сен бир деразанг очмадинг.

Эҳ, – дедим, юрагим аламда
Ўшанда ўзимча онт ичдим:
“Кезмайман ҳеч қачон кўчангда”.
Лек яна онтимдан воз кечдим.

Давоми…

Ушбу ижодий ишга 19 та овоз берилди

Сметуллаева Барно Муртазаевна

Сметуллаева Барно
Муртазаевна

Ватанимни севаман

Саҳроларни кезаман,
Сувларини ичаман,
Тупроғини кечаман,
Ватанимни севаман!

Кўриб мен қувонаман,
Суйиб мен суюнаман,
Гўдакларни қучаман,
Ватанимни севаман!

Ғийбат қилса ортимдан,
Пичоқ сўяр юракдан,
Гап беришса иғводан,
Ватанимни асрайман.

Худо бор-ку осмонда,
Кўриб турар самода,
Дуо қилай юракдан,
Ватанимни севаман.

Давоми…

Ушбу ижодий ишга 9 та овоз берилди

IJOD SEHRI

Ферузбек Зиёдуллаев Илҳом ўғли

Зиёдуллаев
Ферузбек Илҳом ўғли

Актриса

Навбатдаги қотиллик содир этилган жойга етиб келганимизда, эрталабги соат олтидан ошганди. Қурбон қора соч, озғин, йигирма саккиз ёшлар атрофидаги аёл эди. Унинг аҳволига тоқат қилиб бўлмасди. Қорин қисмига уч марта пичоқ санчилгани сабаб эгнидаги қимматбаҳо кўк кўйлаги қонга беланганди. Икки юзи эса пичоқ тиғи билан чуқур кесилганидан юз қиёфасини таниб бўлмасди. Очиқ қолган кўзлари девордаги суратга қадалганди. Суратда жилмайиб турган аёлнинг қадди-қомати,  либоси,  ҳатто қулоғидаги сирғасигача марҳуманики билан бир хил, иккиси ҳам жонсиз, фақат бу аёлдан марҳумани қонга беланган юзигина ажратиб турарди.
– Бу аёлни қаердадир кўргандекман, – дедим қурбонга яхшилаб разм солиб.
– Албатта кўргансан, – деди капитан Қосимов. – Ахир бу машҳур актриса-ку!
– Мен танимайман. Демак унчалик ҳам таниқли эмас экан.
– Равшан, ҳозир ҳазилнинг ўрни эмас! – деди капитан хомуш тортиб.
Дўстимнинг юзидан унинг марҳума актрисага қаттиқ ачинаётганини сезиш қийин эмасди.   Давоми…

Ушбу ижодий ишга 28 та овоз берилди

Алия ТЕМУРИЙЗОДА(Эшмирзаева Шаҳноза Салохутдин қизи)

Алия ТЕМУРИЙЗОДА

«Мен сенга ишонаман!»

Ҳалигина чилласи чиққан Севинч янги оилага анчагина кўникиб қолди, қайинсингиллари уни бегона қилишмади, қайнонаси «ўзимники» деб, рўзғорнинг киши билмас сирларини келинчак билан бўлишишни канда қилмади. Айниқса, Анваржон Севинчни қўйишга жой тополмайди, «шу қизга уйланаман!» – деб, унинг изидан озмунча югурдими? Ҳар сафар унинг йўлини тўсиб, қиздан кўнгли кимдалигини сўраганида, Севинч «Севги йўқ нарса, мен севгига ишонмайман!» – дея лаб буриб кетарди. Мана, ўша кунлар ҳам ортда қолди, шу кунгача у «бировда кўнглим бор эди» дегандек бирор ножўя иш қилмади, янги уйда кўзлари чақнаб, доим қувноқ кайфиятда юрадиган, юмушларни ҳам чаққон-чаққон бажарадиган келинчак ҳамманинг кўнглига йўл топиб улгурганди.

Негадир, қўни-қўшни, қариндош-уруғ ёш оилага ҳаддан ортиқ ҳавас қилиб юборишдими, уларнинг бахтига кўз тегди. Аслида, бунга ўша қўни-қўшнининг ҳам, қариндош-уруғнинг ҳам, уларнинг хасад-у ҳавасининг ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқ эди, барчасига Севинчнинг ўзи айбдор эди.

Давоми…

Ушбу ижодий ишга 52 та овоз берилди

IJOD SEHRI

Нуриддин Зиё

Нуриддин Зиё

(Турақулов Нуриддин Нурмахматович)

******

Қор ёғарди қовоқларингдан,
Лабларингда баҳорги лола.
Хазон учар ёноқларингдан,
Рўпарангда мен – телба бола.

Кўзларингда соғинч соҳилсиз,
Киприкларинг айбимга жазо.
Мен турардим қотганча,тилсиз,
Пешонамдан оққанча азоб.

Елкаларинг учарди пир-пир.
Томчиларди ерга сабрлар.
Нигоҳларда кезарди тақдир,
Нигоҳларда ошкора сирлар.

Елкамга жим урилди бошинг,
Сочларимни силарди жуфт қўл.
Учрашуви ой ва қуёшнинг
Ёритарди ўз бахтин буткул.

Ушбу ижодий ишга 12 та овоз берилди

Ортиқхўжаева Гулбаҳор Қодирхўжаевна

Ортиқхўжаева Гулбаҳор Қодирхўжаевна

ТУТҚУН ҚУШ

Хиёбонда кезар бир телба,
Хаёлидан кетмас тутқун қуш.
Уни озод қилгиси келар,
Йўқдай бундан муҳимроқ бир иш.

Қушча эса кўзи интизор,
Умид билан боқади унга.
Ишонади, шу одам уни
Етказади бир ёруғ кунга.

Телба бир кун қуш эгасига
Не гап айтсанг, кўнаман, дейди.
Агар қушни қўйиб юборсанг,
Масхарабоз бўламан, дейди.

Соҳиб уни туртиб ўтади,
Шундай дейди бир кун виждонсиз:
“На пулинг бор, на ақлу ҳушинг,
Сен қушдан ҳам баттар имконсиз!”. Давоми…

Ушбу ижодий ишга 16 та овоз берилди

Қадрли юртдошлар, сайтимизда «Ижод сеҳри» номли янги танлов ўтказаётганимизни мамнуният билан эълон қиламиз! Танловда бадиий адабиёт оламига ошно қалб соҳиблари ўз қаламларига мансуб ижод намуналари (шеър, ҳикоя, драма… умуман олганда, барча кўринишдаги ижодий асарлар) билан иштирок этишлари мумкин.

Ижодий ишлар 1 ой муддат мобайнида сайт фойдаланувчилари эътиборига ҳавола этилади. 5 000 та овоз тўплаган ижодкор ғолиб бўлади. Мукофот сифатида ғолибнинг ижодий ишлари бепул китоб ҳолида чоп этилади.

Ғолиблар сони чегараланмаган. 5000 та овоз тўпланг ва ғолиб бўлинг!

1 ой муддат мобайнида ижодий иши 2500 дан ортиқ ўқувчи томонидан эътироф этилган, аммо овозлар сони 5000 тага етмаган иштирокчиларга иккинчи имконият берилади. Улар бошқа бир ижод намуналари билан қайта иштирок этишлари мумкин.

Танловда қатнашиш учун тақдим этилган асарларга юртимиздаги таниқли шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунослар томонидан тақриз бериб борилади!

Иштирокчиларнинг муаллифлик ҳуқуқи кафолатланади!

«Ижод сеҳри» да иштирок этишни хоҳловчи ижодкорлар қуйидаги талабларга риоя этишлари зарур:

  1. Фақатгина ўз муаллифликларидаги асарни тақдим этишлари шарт! (Плагиатлик қилиш мумкин эмас!)
  2. Фақат битта ижодий ишни танловга тақдим этишлари керак.
  3. Ижодий иш матни кирилл ёзувида, имкон қадар имловий, услубий ва пунктуацион хатолардан ҳоли бўлиши зарур. Агар тақдим этилган асарда 20 тадан ортиқ имловий, услубий, пунктуацион хато топилса, ушбу асар танловда қатнаша олмайди.
  4. Муаллифлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари шарт:  ижодий асар матни, фотосурат, қисқача таржимаи ҳол.
  5. Иштирокчининг исм, фамилия ва шарифи тўлиқ ёзилган бўлиши зарур (паспорт бўйича).

Танловнинг бошланиш муддати: 25-ноябрь.

Ижодий ишларни қабул қилишнинг охирги муддати: чекланмаган.

Юқоридаги талабларга жавоб берадиган, аммо ушбу санадан кейин жўнатилган ижодий ишлар ҳам жойлаштирилади.

Иштирок этишни хоҳловчилар ўз расмларини, исм, фамилия ва шарифларини (паспорт бўйича), қисқача таржимаи ҳол билан ijodsehri@mail.ru электрон почтасига жўнатишлари мумкин.

Қўшимча маълумот учун телефон рақамлари: 198 80 87 , (97) 740 70 78

Танловда иштирок этишни хоҳловчилар учун!!!

Танловда иштирок этмоқчимисиз? Унда  ijodsehri@mail.ru электрон почтасига қуйидагиларни жўнатинг:

  1. Ўз қаламингизга мансуб ижодий асар матни (матн кирилл ёзувида, имловий ва пунктуацион хатолар сони 20 тадан кам бўлиши керак) ;
  2. Фамилия, исм ва шарифингиз (паспорт бўйича), тахаллусингиз (тахаллус бўлиши мажбурий эмас);
  3. Электрон расм(орқа фони оқ рангда) ;
  4. Қисқача таржимаи ҳол..

Барча иштирокчиларга омад тилаймиз!